Март ойининг илк кунларида – февраль ойидаги деярли бир ҳафталик совуқдан сўнг ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги мавжуд мевали боғлар, узумзорлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари устидан тўлиқ мониторинг амалга оширилмоқда.
Кўп йиллик амалий натижалар шуни кўрсатадики, совуқ об-ҳавонинг дарахтлар куртаклари, гуллари ва ниҳолларига таъсири оқибатлари ҳамда музлашига қарши барча тезкор чора-тадбирлар натижаларини 3-4 кун ўтгандан сўнг кузатиш ва совуқ таъсирини аниқлаш мумкин.
Шу сабабли ҳосилли боғ ва узумзорларни кўздан кечириш илиқ турғун об-ҳаво бошланиши билан, яъни ўсимликларни сақлаб қолиш учун амалга оширилган саъй-ҳаракатлардан бир мунча вақт ўтгач бошланди.
“Ҳозирда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ва тизим ташкилотлари барча мевали боғ ва узумзорлардаги йўқотилган ҳосилни аниқлаш бўйича олим ва мутахассисларни жалб этган ҳолда далолатномалар тузиб, 2021 йилда етиштириш кутилаётган ҳосилни аниқламоқдалар, – тушунтириш берди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Мева-сабзавотчилик, узумчилик, полизчилик ва картошкачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Фахриддин Қирғизбоев. – Айниқса, совуқ қаттиқроқ бўлган, яъни 20-22 даражагача кўтарилган шимолий ҳудудларда боғ ва узумзорларни асраб қолишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо шуни таъкидлаш керакки, мазкур ҳудудларда февраль ойининг I-II-декадаларида жанубий вилоятларда бўлгани каби ғайритабиий илиқ об-ҳаво кузатилмади, шунинг учун у ерларда куртаклар ҳали пайдо бўлишга улгурмаган эди. Бу бизга шимолий ҳудудларда катта йўқотиш бўлмайди, деб тахмин қилиш учун асос бўла олади. Жанубий ҳудудларда ҳам катта йўқотишларнинг олди олинди, деб умид қиламиз, буни албатта мониторинг натижалари кўрсатади. Ушбу том маънодаги чинакам қутқарув ишларида барча қийинчиликларга ва қаттиқ совуқларга қарамай, фаол қатнашган қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимларининг ҳаракатлари алоҳида эътирофга ва миннатдорчиликка лойиқ экани шубҳасиз”.
Совуқ об-ҳавонинг салбий таъсирини кузатиш натижаларига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги мавжуд мевали боғлар, узумзорлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг зарарланиш даражалари бўйича натижалар аниқланади.
Тадбирлар тақвими
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |