Аграр секторни ривожлантириш мақсадида, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони асосида, Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинди.
Қолаверса, жорий йил «Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизимини 2021 — 2025 йилларда устувор ривожлантириш концепцияси» ҳам тасдиқланди. Концепция доирасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ташкил этилди.
2021-2022 йилларда Миллий марказнинг Республика агрохизматлар маркази, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар агрохизматлар марказлари, 2022 йилдан бошлаб эса босқичма-босқич қишлоқ туманларида Миллий марказнинг туман агрохизматлар марказлари пайдо бўлади.
Хўш, AKIS тизимининг ўзи қандай? АКИС – бу Ўзбекистон аграр соҳасида билим ва маълумотларни ишлаб чиқиш, уларни соҳа иштирокчилари орасида кенг жорий этиш орқали, қишлоқ хўжалигида туб бурилиш ясаш, соҳани ривожланган давлатлар даражасига олиб чиқиш дегани. Тизим қишлоқ хўжалигини ривожлантириш билан шуғулланадиган барча даражадаги давлат, хусусий ва жамоат ташкилотлари ўртасида муносабатларни мустаҳкамлашга асосланади.
Бугунги кунда аксарият фермерлар асосан иш вақтида тажриба йиғади. Улар йўл-йўлакай ота-онаси, яқинлари ва ҳамкасбларидан ҳам ўрганиб боради. Қолаверса, мамлакатда қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослаштирилган бир қатор олий ва ўрта махсус таълим даргоҳлари мавжуд.
Фермерлар ўз фаолияти давомида маркетинг ишлари, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш, ерга бўлган ҳуқуқ, сув таъминоти, суғориладиган сув сифати, сувни тежаш, тупроқ ҳосилдорлиги, асбоб-ускуналар муаммоси, кредит масалалари, уруғ танлаш, эрозияга қарши курашиш, ўсимликларни ҳимоя қилиш каби кўплаб саволларга дуч келади.
Замонавий қишлоқ хўжалиги соҳасида бир анъана бор. Баъзи технологиялар, агрокимёвий моддалардан фойдаланиш оқибатида, арзон маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилса-да, аммо тупроқ ва сувга жиддий зарар етади.
AKIS тизими доирасида хорижда ва Ўзбекистонда жойлашган қишлоқ хўжалиги маслаҳат хизматлари томонидан зарурий маслаҳатлар берилади, даланинг ўзида тушунтириш ишлари олиб борилади, савдо компаниялари ёки соҳа мутахассислари томонидан илмий адабиётлар, турли видеофильмлар, ўқув қўлланмалари тақдим этилади. AKIS маслаҳатчилари аграр соҳада тегишли таълим олган ва яхши тажриба йиққан бўлишлари шарт. Чунки уларнинг маслаҳатлари фермер ва деҳқонлар учун самарали ҳамда фойдали бўлиши лозим. Тавсиялар шунингдек, илмий тадқиқотлар натижалари, етказиб берувчи компаниялар тажрибасига асосланиши лозим. Қолаверса, тажрибали фермерларнинг маслаҳатларидан ҳам фойдаланишни эсдан чиқармаслик керак. AKIS тизимидаги аграр соҳа тадқиқотлари аввало, фермерлар ва агробизнес соҳаси эҳтиёжларига асосланади.
Ўз навбатида агробизнеснинг ҳам AKIS тизими олдига қўядиган талаблари бор. Агробизнес учун фермер хўжаликларидан етказиб бериладиган маҳсулотларнинг бир хиллиги, сифат барқарорлиги, маҳсулотни ишончли сақлаш шароитлари муҳим.
Жамият юқори сифатли маҳсулотга муҳтож, унинг учун озиқ-овқат заҳираси катта аҳамият касб этади. Қолаверса, ҳар биримиз атроф-муҳит, сув таъминотига зарар етказмайдиган, сувни тежайдиган, тупроқ эрозиясини кучайтирмайдиган, ёввойи табиатга салбий таъсир қилмайдиган ва иқлим муаммоларини четлаб ўтмайдиган жадал ривожланувчи қишлоқ хўжалиги сари қадам ташлашни хоҳлаймиз.
AKIS тизими фермерлар ва жамият ўртасидаги манфаатларнинг мувозанатли таҳлилига асосланади. Тизимнинг аграр соҳа, аграр таълим ва илм-фан йўналишидаги маслаҳат хизматлари асосан етказиб берувчи корхона вакиллари томонидан тақдим этилади. Бундай маслаҳатларда фермерлар, агробизнес ва жамият эҳтиёжи тўғри таҳлил қилинган бўлиши керак. Демак, AKIS тизими фермерлар, агробизнес ва жамият эҳтиёжини тўғри баҳолаш асосида ишлаб чиқилади.
Умуман олганда, AKIS – бу нафақат билим ва илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш интеграцияси ҳисобланади, балки фермерлар, агробизнес ва жамиятнинг ҳақиқий эҳтиёжларини ҳар томонлама таҳлил қилишни назарда тутади. Фермерлар ва жамият AKIS тизимининг Ўзбекистон аграр соҳасидаги интеграциясида фаол иштирок этсагина, мақсадга тўлиқ эришиш мумкин. Бу йўлда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги барчани қўллаб қувватлашга ва мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасининг барқарор ривожланиши йўлида кафил бўлишга тайёр.
Тадбирлар тақвими
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |